Маълумки, Мамлакатимизда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига 47 кун қолди. Айни пайтда жойларда участка сайлов комиссияси раиси, ўринбосари ва котиблари учун сайлов қонунчилигидаги янгиликларни етказиш бўйича ўқувлар бўлмоқда.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Ректори Адхам Бекмуродов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида бўлиб, ўқув жараёнлари билан танишди.
Фарғона ва Марғилон шаҳарлари, Қўштепа, Олтиариқ, Риштон ва Бағдод туманларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари аъзолари билан учрашувларда мамлакатимиз ижтимоий - сиёсий ҳаётидаги мазкур муҳим сиёсий жараённи юқори савияда ўтказишга тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишиб, участка сайлов комиссиялари аъзолари билан мулоқот қилинди.
Академия раҳбариятининг комиссия аъзолари билан савол - жавоблари мобайнида яна кўплаб билим ва тавсиялар берилди.
Сайлов ўтадиган бинолар, ҳудуд аҳолисига мос равишда тайёрлаб қўйилган бўлиб, сайловчиларга белгиланган низомга мувофиқ барча қулайликлар яратилган.
Мазкур ҳудудлардаги участка сайлов комиссиялари аъзоларининг сайловгача ҳамда сайлов кунида бажариши лозим бўлган вазифалари яна бир бор такрорлаб ўтилди.
Шунингдек, куни-кеча Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим моддаларига ўзгаришлар киритилиб, сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солиниши белгилангани ва бу орқали ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқи ва овоз бериш шаффофлиги кафолатлари қонунчилигимизда янада мустаҳкамлангани ҳақидаги янгиликлар ҳам етказилди.