Маълумки, жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлар депутатлари сайловини юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Хусусан, Фарғона вилоятида ҳам тузилган ҳудудий сайлов комиссияси томонидан шу кунларда муҳим сиёсий компанияга тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Эътиборлиси, “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида бўладиган сиёсий компанияни ҳудудда миллий сайлов қонунчилигимиз доирасида очиқ, ошкора ташкил этишдир.
Бугунги кунда вилоят бўйича 1 минг 210 та сайлов участкаси тузилган. Уларга муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш учун сайловчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари етказиб берилди.
Жойларда жисмоний ҳаракати чекланган сайловчилар имкониятини эътиборга олган ҳолда биноларга нишаб йўлаклари (пандус) барпо этилди. Биноларда сайловга оид қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, зарур замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган.
Жойларда тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида, чақирув плакатлари, сайловга оид стендлар ва бошқа тарғибот материаллари белгиланган жойларга тартиб билан ўрнатилди.
Маълумки, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгадир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни 16 октябрдан республика бўйлаб сайлов участкаларида соат 9:00 дан муддатидан олдин овоз бериш учун очилди. Сайловчи сайлов куни ўз ҳудудида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади.
Фарғона вилоятидаги сайлов участкаларида барча шароитлар яратилиб, етарли сайлов бюллетенлари билан таъминланган. Хусусан, шу кунга қадар жойлардаги сайлов участкасида жами 33 минг 942 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
Фарғона вилояти ҳудудий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати