Аввал хабар берганимиздек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроия қўмитасининг Сайловларни кузатиш бўйича миссияси штаби раҳбари Евгений Козяк Фарғона вилоятига ташрифи давомида сайлов участкаларида бўлиб, сиёсий жараёнларга тайёргарлик ишлари билан танишмоқда.
Халқаро кузатувчи Марғилон шаҳридаги 256-участка сайлов комиссияси бўлиб, бу ерда сайловчилар учун яратилган шароитлар, участканинг моддий техник базаси, жиҳозланиши, имконияти чекланган кишилар ҳаракатланиши учун яратилган шароитлар билан танишди.
Асосий эътибор муддатидан овоз бер иш жараёнларининг боришига қаратилди. Евгений Козяк участка сайлов комиссияси раиси ва аъзолари билан жорий йилнинг 16 октябридан бошлаб, 23 октябр кунлари ўтказиладиган муддатидан овоз бериш тартиби ва қонун қоидалари ҳақида сухбатлашди.
Шунингдек, халқаро кузатувчи Тошлоқ туманидаги 927-участка сайлов комиссиясида ҳам бўлиб, комиссия аъзоларининг сайловчиларнинг электрон рўйхатлари билан ишлаш жараёнлари билан қизиқди.
Тошлоқ туманида 52 та сайлов участкаси ташкил этилган. Туманда доимий рўйхатда турувчи 219 минг 585 нафар аҳолининг 118 мингдан зиёдини сайловчилар ташкил этади. Бу йилги сайловларда эса 1 минг 896 нафар йигит-қиз биринчи маротаба депутатликка номзодларга овоз берадилар.
Қува туманидаги Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида жойлашган 650-участка сайлов комиссиясида ҳам участка сайлов комиссиясидаги ҳар бир аъзонинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Айтиш жоиз бўлса бугунги танишувлар, кузатувлар давомида уларнинг билим ва кўникмалари яна бир карра синовдан ўтди.
Халқаро кузатувчи Қува туманидаги 3-мактабда жойлашган 584-участка сайлов комиссиясида, Педагогика коллежида жойлашган 588- участка сайлов комиссиясида ҳам бўлди.
Фарғона вилояти ҳудудий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати