Депутатликка номзодлар рўйхатга олинди

21.09.2024

607

msk_yangiliklari_in

19 сентябрь куни Фарғона вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

 

Комиссия раиси Э.Нуралиев бошқарган йиғилишда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 

Сайлов кодексининг 37-моддасига кўра, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялар номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ҳудудий сайлов комиссияси номзодларни белгиланган тартибда рўйхатга олади ва улар ҳақидаги маълумотлар расмий эълон қилинишини ташкил этади. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

 

 

– Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги 60 та сайлов округига бешта сиёсий партиянинг ҳар биридан бир нафардан, жами 300 нафар номзод тўғрисидаги аризалар “Е-сайлов” тизими орқали комиссияга юборилган, – дея ахборот берди ҳудудий сайлов комиссияси аъзоси Л.Аҳмедова. – Номзодларнинг 44 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Биз номзодлар ва улар ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқдик. Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мос келади.

 

Йиғилишда партиялар томонидан кўрсатилган 300 нафар номзодни Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

 

Сайлов кодексининг 40-моддасига белгиланганидек, ҳудудий сайлов комиссияси беш кунлик муддатда номзодлар рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, партияга мансублиги, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойини, шунингдек, уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

 

 

 

 

 

Фарғона вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур